Йўлларда радар ва камерадан яширинмоқчи бўлган ҳайдовчи ЙПХ ходимларига дуч келди
Бугун, 2024 йил 1 март куни "Наманган" ЙПХ масканида хизмат олиб бораётган ЙПХ ходимлари томонидан "Mercedes-Benz" русумли автомобиль тўхтатилиб текширилганда, ҳайдовчи транспорт воситасининг давлат рақам белгисини тўғри аниқланишига ҳалақит берувчи қоплама суртиб олганлиги маълум бўлган.
Ҳайдовчига нисбатан тегишли тартибда маъмурий баённома расмийлаштирилиб, автомобиль вақтинча сақлаш учун жарима майдонига қўйилган.
Йўл ҳаракати қоидаларига кўра, транспорт воситасида рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини кўринишини чеклайдиган, тўғри аниқланишига халақит берадиган ҳар-хил буюмлар ўрнатилган ва қопламалар билан қопланган бўлса бундай транспорт воситаларидан фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 127-моддаси иккинчи қисмига кўра, транспорт воситасига давлат рақам белгиларини кўриш имкониятини чеклайдиган, уларни англашга тўсқинлик қиладиган турли ашёлар ўрнатиш ва қоплама суртиш — фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан уч бараваригача, мансабдор шахсларга эса — уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Ҳайдовчилардан қоидаларга риоя этишларини сўраймиз.