Тест режимида

Хабарлар

ЙПХ ходимининг хабарига кўра, пора беришга уринган ҳайдовчи қўлга олинди

2022 йил 9 январь куни Қашқадарё вилояти, Қарши шаҳар, Хонобод ва Жайҳун кўчалари кесишган чорраҳа яқинида ЙПХ ходими Ж.Хасанов томонидан "Epica" русумли автомобиль ҳайдовчиси тўхтатилган. Текширув давомида ҳайдовчи У.Б.нинг оғиз бўшлиғидан спиртли ичимлик ҳиди келганлиги боис, ЙПХ ходими уни текширувдан ўтишга таклиф қилган. Ҳайдовчи спиртли ичимлик ичганлигини ўзи тан олган, лекин текширувдан ўтишдан бош тортган. Белгиланган тартибда баённома тузилиб, автомобилни жарима майдонига олиб бориш вақтида, ҳайдовчи чора кўрилмаслиги эвазига ЙПХ ходими 1.500.000 (бир миллион беш юз минг) сўм миқдоридаги пулларни пора тариқасида таклиф қилган.

Ходим ушбу ҳолат юзасидан ИИВ ШХББ Қашқадарё вилояти бўйича бошқармаси ходимларига хабар бериб, пора таклиф этаётган ҳайдовчига қонуний чора кўрилишини сўраган.

Шу куни соат 19:10 ларда, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан тезкор тадбир давомида, Қарши шаҳрида жойлашган "Авто-асл-барака" МЧЖга қарашли жарима майдони яқинида фуқаро У.Б. ЙПХ ходимига 2.000.000 (икки миллион) сўм миқдоридаги пулларни чора кўрилмаслиги эвазига пора тариқасида бераётган вақтда қўлга олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Қарши шаҳар прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.