ЙПХ ходимининг тўхташ ишорасига бўйсунмаган маст ҳайдовчи бошқарувни йўқотиб симёғочга урилди
Ижтимоий тармоқларда Боғот туманида ЙПХ ходимлари таъқиб қилганлиги сабаб ҳайдовчи ЙТҲга учраганлиги айтилган видео тарқалди. Ҳолат аслида қандай содир бўлган?
Жорий йилнинг 2 февраль куни соат 16:00 ларда, Хоразм вилояти, Боғот тумани ҳудудидан ўтган 4Р-156 автомобиль йўлининг 28-километрида "Nexia" русумли автомобиль ҳайдовчиси ушбу ҳудудда хизмат олиб бораётган ЙПХ ходимлари Ж.Якубов ва У.Маттурдиевларнинг тўхташ ишорасига бўйсунмасдан ҳаракатланган. ЙПХ ходимлари "Lacetti" русумли, 90509VSF давлат рақам белгили махсус хизмат автомобилида кузатиб боришган. Ҳайдовчи кўп масофа юришга улгурмасдан, "Нурафшон" маҳалласининг ички йўлига бурилиб, йўл четидаги симёғочга урилиб, ЙТҲ содир этган. ЙПХ ходимлари томонидан суриштирув давомида ҳайдовчи тегишли меъёрий ҳужжатларсиз ва маст ҳолда транспорт бошқарганлиги маълум бўлган. Ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, автомобиль вақтинча сақлаш учун жарима майдонига қўйилган.
Барча ҳайдовчилардан транспорт воситасини тегишли меъёрий ҳужжатлар билан, сергак ҳолда бошқаришларини ва тартибга солувчиларнинг ишораларига қатъий риоя қилишларини сўраймиз.