Тест режимида

Хабарлар

Жавобгарликдан қутилиб қолиш учун пора берган ҳайдовчи қўлга олинди

Сурхондарё вилояти, Термиз шаҳри, Раъно Узоқова кўчасида хизмат олиб бораётган ЙПХ ходими О.Абдуназаров томонидан "Cobalt" русумли автомобиль тўхтатилган. Ўзаро мулоқот жараёнида ҳайдовчининг оғзидан спиртли ичимлик ҳиди келаётганлигини ходим пайқаган ва уни текширувдан ўтишга таклиф қилган.

"Алкотестер" мосламасининг натижасига кўра, ушбу ҳайдовчи спиртли ичимликдан маст ҳолдалиги тасдиқланган. ЙПХ ходими томонидан ҳайдовчига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 131-моддаси тартибида баённома расмийлаштирилиб, автомобили ушбу Кодекснинг 291-моддасига кўра, вақтинча сақлаш учун жарима майдонига қўйилган.

Ҳайдовчи Сурхондарё вилояти ИИБ ЖХХ ЙҲХБ 1-сафарбарлик отряд командири Б.Юлдашевнинг олдига бориб, тегишли чора кўрилмаслигини сўраган ва эвазига икки миллион сўм миқдорида пул беришни таклиф қилган.

Шундан сўнг, ходим Сурхондарё вилояти ИИБ бошлиғи номига билдирги орқали мурожаат қилиб, пора таклиф қилаётган фуқарога нисбатан қонуний чора кўрилишини сўраган.

Ҳолат юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан тезкор тадбир давомида, ушбу фуқаро ЙПХ ходимига икки миллион сўм миқдоридаги пулларни пора тариқасида бераётган вақтда қўлга олинган.

Ҳозирда Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Термиз шаҳар бўлими ходимлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.