ЙПХ ходимларига қаршилик кўрсатган ҳайдовчи маст ҳолда бўлган
2025 йил 16 январь куни Қашқадарё вилояти, Китоб тумани, "Обод" МФЙ ҳудудида хизмат олиб бораётган ЙПХ ходимлари томонидан "Damas" русумли автомобиль тўхтатилган. Текширув давомида ҳайдовчи Ж.Ш.нинг оғзидан спиртли ичимлик ҳиди келганлиги сабаб ходимлар уни мастлик ҳолати бўйича текширувга таклиф қилишган.
Шундан сўнг, ҳайдовчи ва автомобилда бўлган йўловчилар ходимларга фаол қаршилик кўрсатишган. Ушбу жараён атрофдаги фуқаролар томонидан тасвирга олинган.
Алкотестер мосламаси билан текширув ўтказилганда ҳайдовчи Ж.Ш.да мастлик ҳолати аниқланган ва унга нисбатан МЖтКнинг 131, 194-моддалари билан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, автомобили вақтинча сақлаш учун жарима майдонига қўйилган.
Тўпланган ҳужжатлар Жиноят ишлари бўйича Китоб тумани судида кўриб чиқилиб, ҳайдовчи 131, 183, 194-моддаларида кўрсатилган ҳуқуқбузарликларни содир этган деб топилган. Унга нисбатан умумий ҳисобда БҲМнинг 28 баравари (10 500 000 сўм) миқдорида жарима ҳамда 1 йилу 6 ойга ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум этиш жазоси тайинланган.
Барча ҳайдовчилардан белгиланган қоидаларга риоя қилишларини, маст ҳолда транспорт бошқармасликларини ва ЙПХ ходимларининг қонуний талабини бажаришларини сўраймиз.