Маст ҳолда транспорт бошқарманг!
Йўлларда маст ҳолда автомобиль бошқарган ҳайдовчилар бўйича доимий равишда рейдлар ўтказилмоқда. 2022 йил 24 январь куни соат 01:30 ларда, Яшнобод тумани, М.Улуғбек кўчасида тўхтатилган "BMW" русумли автомобилнинг 1997 йилда туғилган ҳайдовчиси спиртли ичимлик истеъмол қилганликда гумонланиб текширувдан ўтказилганда, мастлик ҳолатида эканлиги маълум бўлган. Унга нисбатан маъмурий баённома тузилиб, автомобиль вақтинча сақлаш учун жарима майдонига қўйилган.
Маълумот ўрнида, транспорт воситаси ҳайдовчиси томонидан чиқарилган ҳаводаги этанол буғлари концентрацияси кўрсаткичи 0,135 миллиграмм ва ундан юқори бўлган ҳолларда ДЙҲХХ ходими ҳайдовчига нисбатан алкоголли ичимлик истеъмол қилганлиги факти юзасидан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 131-моддасига мувофиқ маъмурий баённома расмийлаштиради.
Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 131-моддасига кўра, ҳайдовчиларнинг транспорт воситаларини алкоголли ичимликдан, гиёҳванд модда таъсиридан ёки ўзгача тарзда маст ҳолда бошқариши — транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан бир йилу олти ойдан уч йилгача муддатга маҳрум қилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.