"Наманган" ЙПХ масканида тақиқланган моддалар билан боғлиқ фактлар аниқланди
2024 йил 7 сентябрь куни соат 12:40 ларда Наманган вилояти, Поп тумани ҳудудида жойлашган "Наманган" ЙПХ масканида хизмат олиб бораётган ЙПХ ҳамда бошқа соҳавий хизматларнинг ходимлари томонидан ҳамкорликда ўтказилган тадбир давомида, "Тошкент-Водий" йўналиши бўйлаб ҳаракатланиб келаётган ҳайдовчи, 1994 йилда туғилган Б.Х. бошқарувидаги "Matiz" русумли автомобиль тўхтатилиб текширилганда, йўловчиси, 1980 йилда туғилган А.Қ. кўринишидан ходимларда шубҳа уйғотган. Холис ва гувоҳлар иштирокидаги текширув давомида ушбу фуқаронинг ёнидан целлофанга ўралган, умумий вазни 519 грамм тўқ яшил рангли, ўткир ҳидли моддалар топилган.
Ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, ушбу фуқаролар ва топилган моддалар ДХХ ходимларига топширилган.
Шу куни соат 15:30 ларда "Наманган" ЙПХ масканида хизмат олиб бораётган ЙПХ ходимлари томонидан "Водий-Тошкент" йўналиши бўйлаб ҳаракатланиб келаётган ҳайдовчи, 1995 йилда туғилган А.А. бошқарувидаги "Nexia-3" русумли автомобиль тўхтатилиб текширилганда, йўловчилари, 1996 йилда туғилган Ж.Ю. ҳамда З.А.лар автомобилдан тушиб ёнида бўлган нарсаларни отиб юборишган. Холис ва гувоҳлар иштирокида отиб юборилган нарсалар топилиб текширилганда, 3 дона целлофанга ўралган, тўқ яшил рангли, ўткир ҳидли моддалар эканлиги аниқланган.
Ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, фуқаролар ва топилган моддалар Поп тумани ИИБга топширилган.
Йўлларда текширувлар давом этмоқда...