Тест режимида

Хабарлар

Қоидабузарликни расмийлаштириш ЙПХ ходимининг мажбуриятидир

Ижтимоий тармоқда "Тошкент шаҳрида ЙПХ ходими ва ҳайдовчи ўртасида катта тортишув келиб чиқди" сарлавҳаси остида видео тарқалди.

2021 йил 28 декабрь куни Тошкент шаҳар, Миробод тумани, Фарғона йўли ва Улфат кўчалари кесишган чорраҳада светофорнинг ҳаракатни тақиқловчи чироғига риоя қилмаган "Lacetti" русумли автомобиль ҳайдовчисига ЙПХ ходими Ҳ.Номозов томонидан тўхташ ишораси кўрсатилган. Ҳайдовчи ЙПХ ходимининг қонуний талабини бажармасдан ҳаракатда давом этган. Кўрилган чоралар натижасида ҳайдовчи Фарғона йўли ва Мўйноқ кўчалари кесишган чорраҳада тўхтатилган.

Ўзаро мулоқот жараёнида ҳайдовчи меъёрий ҳужжатларини ЙПХ ходимига беришдан бош тортиб, эътирозлар билдириб, қонуний талабни бажармасликда давом этган ва "102" рақами орқали ҳудудий ИИБга мурожаат қилган. Воқеа жойига профилактика инспектори ҳам етиб келган. Ҳайдовчи, 1992 йилда туғилган Ш.М.га тушунтиришлар берилиб, унга нисбатан светофорнинг ҳаракатни тақиқловчи чироғига риоя қилмаганлиги ва ЙПХ ходимининг қонуний талабига бўйсунмаганлиги бўйича маъмурий баённома тузилиб, "Lacetti" русумли транспорт воситаси вақтинча сақлаш учун жарима майдонига қўйилган.

Ўз навбатида, барча ҳайдовчилардан аввало қоидаларга риоя қилишларини, қоидаларни четлаб ўтганда эса, ЙПХ ходимларининг қонуний талабларига бўйсунишларини сўраймиз. Қоидабузарликни расмийлаштириш ЙПХ ходимининг мажбурияти ҳисобланади.