Президент Шавкат Мирзиёев раислигида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, инфратузилмасини яхшилаш ва тирбандликларни камайтириш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 9 июль куни йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, инфратузилмасини яхшилаш ва тирбандликларни камайтириш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Ҳудудларда бу борада муайян ишлар қилинмоқда. Сўнгги йилларда йўл қурилиши ва таъмирлашга 61 триллион сўм ажратилган. Бу – 2017 йилгача берилган маблағлардан 3,5 баробар кўп.
Онлайн мурожаат тизими ишга тушиб, йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлинмаларига келадиганлар 50 фоизга камайди. Соҳадаги 3 минг 365 нафар ходим электрон планшет ва бодикамера билан таъминланди. Қоидабузарликларни сунъий интеллект асосида саралаш ва қарор чиқариш амалиёти жорий қилинди. Шаҳарларда жамоат транспорти учун махсус йўлаклар ажратилди.
Ўтган ойда ҳам ҳайдовчиларга қатор енгилликлар жорий этилди. Жумладан, биринчи марта ҳуқуқбузарлик қилганларни жазолаш эмас, огоҳлантириш йўлга қўйилди. Йўл чизиқларини босиш ҳолатларини камера орқали фиксация қилиш бекор қилинди. Жамоат транспорти учун мўлжалланган қаторларда кечқурун бошқа ҳайдовчилар ҳам юришига рухсат берилди. Шаҳарларда йўлларни кундузи таъмирлаш тақиқланди. Радар бор жойда йўл белгисини ўрнатиш мажбурий бўлди.
Лекин соҳада ҳали долзарб масалалар кўп. Биринчи навбатда йўл-транспорт ҳодисалари. Ўтган йили 9 минг 364 та шундай ҳодиса содир бўлган. Уларда қарийб 9 минг фуқаро жароҳат олган. Энг ачинарлиси, 2 минг 203 нафар одам ҳалок бўлган.
– Ҳар тўртинчи аварияда бир киши ёки кунига ўртача олти киши вафот этаётгани барчани қаттиқ ташвишга солиши керак, – деди Шавкат Мирзиёев.
Ҳаракат хавфсизлиги, энг аввало, йўлларнинг ҳолати ва қулайлигига боғлиқ. Кўплаб туманларда йўл инфратузилмаси яхшиланиб, автоҳалокатлар эҳтимоли камайтирилган. Лекин 20 та ҳудудда йўл-транспорт ҳодисалари сони юқорилигича қолмоқда. Умуман, юртимизда бундай ҳодисалар оқибатидаги зарар ялпи ички маҳсулотга нисбатан ўртача 0,4 фоизни ташкил қилаяпти.
Шу боис йиғилишда “Хавфсиз йўл” миллий дастури бошланиши маълум қилинди. Бунинг учун “Хавфсиз йўл ва хавфсиз пиёда” республика жамғармаси фаолияти қайта ташкил қилиниб, ҳукумат бўйсунувига ўтказилади. Бу йил унга барча манбалар ҳисобидан 400 миллиард сўм тушиши ҳисоб-китоб қилинган.
Шунингдек, ҳар бир вилоятда жамғарманинг алоҳида ҳисоб рақами бўлади. Ички ишлар тизимидаги йўл белгилари ва светофор ўрнатиш, йўл чизиқлари чизишга масъул корхоналар ҳам вилоят тасарруфига ўтказилади.
Жамғарманинг фаолияти шаффоф бўлади, унга вилоят ЙҲХБ ва йўл бошқармаси бошлиқлари, жамоатчилик вакиллари киради. Жамғарма маблағлари, биринчи навбатда, авария ўчоқлари бўлган хавфли жойларни тартибга олишга йўналтирилади. Бу ишлар ҳозирда хавфли бўлиб қолаётган 175 километр узунликдаги 23 та магистрал йўл участкасидан бошланади.
Барча туманларда йўл инфратузилмасини ривожлантириш бўйича алоҳида жамғармалар ҳам ташкил қилинган. Энди йўллар бўйича аҳоли фикрини ўрганадиган электрон портал ишга туширилади. Одамлар у орқали қаерга белги, пиёда йўлаги ва светофор кераклиги ҳақида овоз бериши мумкин бўлади. Якунда порталга қилинган ишларнинг видео ва фотолари ҳам қўйилади, буни аҳоли баҳолайди.
Бу имкониятлардан фойдаланиб, йўлларда ҳаракатни яхшилаб, оғир ҳалокатларни кескин камайтириш вазифаси белгиланди.
Яна бир муаммо – ҳозирда автомобиль йўлларида 1 минг 200 дан ортиқ қайрилиб олиш жойи бўлса, шундан фақатгина 146 тасида ер ости ва ер устидан қайрилиш мумкин. 10 мингдан зиёд пиёда ўтиш жойларининг атиги 154 тасида шундай қулайлик бор.
Шу боис Транспорт вазирлигига Жаҳон банки иштирокида Тошкент – Самарқанд – Термиз, Тошкент – водий ҳамда Самарқанд – Бухоро йўналишидаги халқаро йўлларни хавфсизлик талабларига мослигини диагностика қилиш топширилди. Ушбу таҳлиллар асосида, йўлларда қайрилиб олиш ҳамда пиёдалар ўтишини хавфсиз қилиш, белгилар ва чизиқларни қулайлаштириш лойиҳалари ишлаб чиқилади.
Юртимизда шаҳарлараро жамоат транспорти тизимли йўлга қўйилмаган. Автобуслар жадвал вақти бўйича эмас, балки 40-50 та йўловчи тўлганда юришга ўрганган.
Шу боис йиғилишда ўрта ва узоқ масофага қатнайдиган жамоат транспортини ривожлантириш чоралари белгиланди. Бунда Тошкент шаҳри ва вилоятлараро қатнов бўйича алоҳида ёндашув бўлади.
Биринчидан, пойтахт жамоат транспорти ягона агломерация тизимига ўтиб, Тошкент вилоятининг барча туташ ҳудудларини қамраб олади. Бунинг учун ҳозирда пойтахт чеккасигача келаётган 20 та автобус йўналиши 15-20 километрга узайтирилади, яна янги 6 та маршрут қўшилади. Сентябргача пойтахтга 200 та, кейинги йили яна мингта автобус олиб келинади. Бунинг натижасида Тошкент шаҳрига 25 мингта енгил машина қатнови камайиши кутилмоқда.
Иккинчидан, шаҳарлар ва вилоятлараро жамоат транспорти қатновлари яхшиланади. Бу йўналишдаги автобус ва микроавтобуслар учун йўловчи бошига субсидия берилади. Автобуслар учун утилизация йиғимидан имтиёз яна уч йилга узайтирилади ва бу микроавтобусларга ҳам татбиқ этилади. Туристик автобус ва микроавтобуслар учун божхона божидан имтиёз уч йил давомида жамоат транспорти учун ҳам қўлланади.
Маълумки, тирбандликнинг сабабларидан бири – автомобиль тўхташ жойларининг етишмаслиги. Оқибатда Тошкентда ҳам, бошқа йирик шаҳарларда ҳам ҳайдовчилар машинасини йўл бўйига қўйишга мажбур. Айрим вазирлик ва идоралар, ҳокимликлар биноси жойлашган кўчалар ёпиб қўйилган.
Мутасаддиларга бундай ҳолатларга чек қўйиб, барча ташкилот ва маҳалла кўчаларидаги асоссиз қўйилган тақиқловчи белгиларни олиб ташлашга кўрсатма берилди.
Транспорт вазирлигига ҳайдовчилар билан мулоқот қилиш, уларнинг муаммоларини ўрганиш бўйича электрон платформа ташкил этиш вазифаси қўйилди.
Йўлларда ҳайдовчилик маданиятини ошириш ҳам жуд долзарб масала. Ўтган йили қарийб 20 миллионта қўпол қоидабузарлик содир этилган. Айрим ҳайдовчиларда бу сурункали тус олган.
Энди бундай ашаддий ҳуқуқбузарларга қонун кучини кўрсатиш мақсадида “Сурункали қоидабузарлар” дастури ишга туширилади. Қарама-қарши томонга ҳаракатланиш, қизил чироқда ўтиш ёки тезликни ошириш каби қоидабузарликларни такроран қилганлар учун бир йилгача жаримадан чегирма берилмайди. Бундай ҳуқуқбузарликлар бир ой ичида 10 тадан кўп бўлса, олти ойгача ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум қилинади. Меъёрдан 2-3 карра тез юрганлар ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилишгача жазоланиши мумкин.
Айрим ҳолларда қоидабузарлик учун орадан бир неча ой ўтгач жарима қўллаш қарори чиқарилаётгани тушунмовчилик ва эътирозларга сабаб бўлмоқда. Эндиликда қоидабузарлик содир этилган кундан бошлаб бир ойда қарор чиқмаса, ҳайдовчи ҳеч қандай жарима тўламаслиги белгиланди.
Ҳозирги кунда хавфсизлиги зўр, замонавий машиналар кун сайин кўпайиб бормоқда. Ҳудудлар ўртасидаги кўп йўллар юқори тезликда ҳаракатланиш талабларига бемалол жавоб беради. Шу боис тезлик чекловларини қайта кўриб чиқиш кераклиги таъкидланди.
Ҳайдовчиларни тайёрлаш бўйича янги тизим самара бера бошлади. Лекин пиёдалар, айниқса, ёшларнинг бу борадаги билим ва интизомини ошириш зарур. Шу мақсадда мактаб ва боғчаларда ҳаракат хавфсизлиги бўйича дастурлар янгиланади. “Яшил чироқ” мусобақалари қайта тикланиб, республика ғолибларига Президент совғаси берилади. Йўл ҳаракати қоидалари бўйича видео ва анимацион контентлар яратилади.
Йиғилишда белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича мутасаддиларнинг ахбороти эшитилди.