Самарқандда ЙПХ ходимига пора берган яна бир фуқаро қўлга олинди
Жорий йилнинг 25 январь куни саҳифамизда ЙПХ ходимига 600.000 (олти юз минг) сўм миқдорида пора берган фуқаро қўлга олинганлиги ҳақида маълумот жойланган эди.
Кўп вақт ўтмасдан яна бир фуқаро ЙПХ ходимига пора таклиф қилганлиги ҳолати кузатилди.
Жорий йилнинг 26 январь куни Самарқанд вилояти ИИБ ЙҲХБ ходими Ғ.Саидов белгиланган тақсимот асосида Каттақўрғон тумани, “Сеплон” МФЙ ҳудудидан ўтган М-37 автомобиль йўлининг 76-километрида хизмат олиб борган.
Хизмати давомида, соат 21:50ларда, “Самарқанд-Навоий” йўналишида ҳаракатланиб келган, давлат рақам белгиси яшириб олинган “Кобальт” русумли автомобилни тўхтатган.
Автомобиль ҳайдовчиси, 1999 йилда туғилган Ж.Т.га нисбатан давлат рақам белгисини яшириб ҳаракатланганлиги бўйича баённома расмийлаштирган ва транспорт воситасини вақтинча сақлаш учун жарима майдончасига жойлаштирган.
Жорий йилнинг 27 январь куни соат 10:10ларда, ҳайдовчи Ж.Т. вилоят ИИБ ЙҲХБ ЙПХБ 2-сафарбар гуруҳи командири Ж.Мўминовнинг хизмат хонасига келиб, жарима майдончасида сақланаётган автомобилини олиб чиқиш эвазига 1.000.000 (бир миллион) сўм миқдоридаги пулларни пора тариқасида таклиф қилган. ЙПХ ходими Ж.Мўминов фуқаро Ж.Т.нинг ушбу таклифини Самарқанд вилояти ИИБ бошлиғи номига билдирги орқали ёзиб қонуний чора кўришликни сўраган.
Ж.Мўминовнинг билдиргиси асосида жорий йилнинг 27 январь куни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилган. Тезкор тадбир давомида, соат 15:00ларда, ЙПХ ходими Ж.Мўминовнинг хизмат хонасида фуқаро Ж.Т. автомобилини жарима майдончасидан чиқариб бериш эвазига 1.000.000 (бир миллион) сўм миқдоридаги пулларни пора тариқасида берган вақтида, ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати