Тест режимида

Хабарлар

Самарқандда ЙПХ ходимларига пора таклиф қилган ҳайдовчилар ушланди

2024 йил 16 январь куни соат 23:20 ларда Каттақўрғон туманида хизмат олиб бораётган ЙПХ ходими томонидан давлат рақам белгиларисиз ҳаракатланиб келаётган "Cobalt" русумли автомобиль тўхтатилиб текширилганда, ҳайдовчининг тегишли ҳужжатлари йўқлиги маълум бўлган ва унга нисбатан тегишли тартибда маъмурий баённома расмийлаштирилиб, транспорт воситаси вақтинча сақлаш учун жарима майдонига жойланган.

Ҳайдовчи У.К. ходимнинг олдига келиб, расмийлаштирилган маъмурий баённомани йўқ қилиш ҳамда автомобилини жарима майдонидан чиқариб бериш эвазига 400 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни пора тариқасида таклиф қилган. Шундан сўнг, ЙПХ ходими ИИБ бошлиғига билдирги орқали мурожаат қилиб, фуқаро У.К.нинг ноқонуний таклифи бўйича тегишли чора кўрилишини сўраган.

Соҳавий хизмат ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилиб, фуқаро У.К. 400 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни ЙПХ ходимига пора тариқасида берган вақтида тадбир иштирокчилари томонидан далилий ашёлар билан ушланган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Каттақўрғон туман бўлими томонидан ЖКнинг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Шунингдек, Пастдарғом туманида хизмат олиб бораётган ЙПХ ходими томонидан "Cobalt" русумли транспорт воситаси ҳайдовчиси О.Т.га нисбатан спиртли ичимлик истеъмол қилиб, маст ҳолда транспорт воситасини бошқарганлиги бўйича ўрнатилган тартибда маъмурий баённома расмийлаштирилган.

Ҳайдовчи О.Т. ходимнинг олдига келиб, унга нисбатан тузилган маъмурий баённомани йўқ қилиш ҳамда автомобилини жарима майдонидан чиқариб бериш эвазига 400 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни пора тариқасида таклиф қилган.

ЙПХ ходимининг билдиргиси асосида соҳавий хизмат ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилиб, фуқаро О.Т. ЙПХ ходимига 400 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни пора тариқасида берган вақтида тадбир иштирокчилари томонидан далилий ашёлар билан ушланган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан Пастдарғом туман прокуратураси томонидан ЖКнинг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Шунингдек, 2024 йил 9 февраль куни Оқдарё тумани ҳудудидан ўтувчи М-37 автомобиль йўлида хизмат олиб бораётган ЙПХ ходими томонидан ҳам "Cobalt" русумли транспорт воситаси ҳайдовчиси О.Р.га нисбатан спиртли ичимлик истеъмол қилиб, маст ҳолда транспорт воситасини бошқарганлиги бўйича ўрнатилган тартибда маъмурий баённома расмийлаштирилган.

Шундан сўнг, ҳайдовчи О.Р. ўша ҳудудда хизмат олиб бораётган ЙПХБ отряди гуруҳ командирининг олдига келиб, унга нисбатан тузилган маъмурий баённомани йўқ қилиш ҳамда автомобилини жарима майдонидан чиқариб бериш эвазига 400 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни пора тариқасида таклиф қилган.

Ходимнинг билдиргиси асосида соҳавий хизмат ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилиб, фуқаро О.Р. 400 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни пора тариқасида берган вақтида тадбир иштирокчилари томонидан далилий ашёлар билан ушланган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан Пастдарғом тумани прокуратураси томонидан ЖКнинг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда

Коррупция ҳолати ҳақида тегишли ташкилот масъулларига хабар берган ходимларга ташаккурнома эълон қилиниб, ИИБ томонидан пул мукофоти билан рағбатлантирилди.