Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасида автомобиль йўлларида инсон хавфсизлигини ишончли таъминлаш ва ўлим ҳолатларини кескин камайтириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳолатини ўрганиш натижалари бўйича масъул вазирлик ва идоралар раҳбарларининг ахборотлари тингланди
Мажлис аввалида идоралараро ишчи гуруҳи томонидан Хоразм вилоятида халқаро ва давлат аҳамиятидаги йўлларда йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш мақсадида хавфли жойларни аниқлаш бўйича ўтказилган ўрганиш натижалари танқидий муҳокама қилинди.
Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси, Мактаб ва мактабгача таълим вазирлиги ҳамда бошқа давлат ташкилотларининг масъуллари олдинда турган вазифалар юзасидан ўз фикрларини билдиришди.
Мажлис давомида ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати раҳбарияти ҳам сўзга чиқиб, хизмат томонидан "Хавфсиз болалик" тамойили асосида сўнгги вақтларда амалга оширилган ишлар натижасида юртимизда болалар иштирокида содир бўладиган оғир оқибатли автоҳалокатлар сони сезиларли даражада камайганини таъкидлади. Шу билан бирга, йўл қўйилган камчиликлар ҳақида ҳам батафсил маълумот берилди.
Хусусан, таълим муассасаларида болаларнинг йўл ҳаракати қоидаларини етарли даражада ўзлаштиришлари учун 5 мингдан ортиқ "Йўл ҳаракати қоидаларини ўқитиш синфхоналари" жиҳозланиб, фойдаланишга топширилганига қарамасдан, айрим мактабларда ушбу жиҳозлар яроқсиз ҳолатга келтирилгани ёки нотўғри мақсадларда фойдаланилаётган ҳолатлар аниқлангани алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Мажлис якунида йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишда барча ташкилот ва муассасалар тенг даражада масъул эканлиги, шу сабабли ҳар бир идора ўз вазифасига виждонан ёндашиши лозимлиги таъкидланди ҳамда мутасадди раҳбарларга зарур топшириқлар берилди.