Суд транспорт-изшунослик экспертизаси тайинлаш ва ўтказиш орқали транспорт воситаларини тўқнашув жойини аниқлаш амалиёти ҳақида
Йўл-транспорт ҳодисалари билан боғлиқ жиноят ишларини тергов қилишда ва терговга қадар суриштирув ишлари жараёнида бир қанча турдаги экспертизалар тайинланади. Шулардан бири суд транспорт-изшунослик экспертизаси бўлиб, терговчи ва суриштирувчи унинг натижасига қараб йўл-транспорт ҳодисаси ҳақида муайян хулосаларга келади.
Экспертизага кўздан кечириш учун тақдим этилган транспорт воситаларини текширилаётган ҳодисага тегишлилиги ва йўл-транспорт ҳодисасининг умумий жараёнини тадқиқ қилиш суд транспорт-изшунослик экспертизасининг мавсуси ҳисобланади.
Тақдим этилган транспорт воситаларидаги техник жароҳатлар, жиноят иши ёки суриштирув иши ҳужжатларидаги ҳодиса содир бўлган жойни кўздан кечириш ҳақида баённома, унга илова чизма, ҳодиса жойини фотосуратлари мазкур экспертизанинг объектлари ҳисобланади ва мазкур экспертизада транспорт воситаларидаги техник шикастларни хосил бўлиш механизми, транспорт воситаларининг ҳодиса вақтидаги бир-бирига нисбатан жойлашувлари, тўқнашув йўл қатнов қисмининг қаэрида ёки қайси томонида содир бўлганлиги, тўқнашув вақтида транспорт воситаларининг ҳаракатда бўлган ёки тўхтаб турган ҳолатини аниқлаш каби масалалар юзасидан тадқиқотлар олиб борилади.
Суд транспорт-изшунослик экспертизаси тайинлаш ва ўтказиш орқали транспорт воситаларини тўқнашув жойини аниқлашда суд эксперти томонидан асосий эътибор ҳодиса жойидаги майда ойна синиқлари, лой ёки тупроқ тўкилмалари, бўёқ парчалари ҳамда тўқнашув натижасида воқеа жойида автомобиллардан ажралиб қолган эҳтиёт қисмлари тўкилган жой, асфальтдаги сирпаниш, қирилиш излари бошланган, тормоз излари йўналишини кескин ўзгарган ёки тормоз изи узилган жойларга қаратилади.
Йўл-транспорт ҳодисалари бўйича суд транспорт-изшунослик экспертизаси тайинлаш ва бу орқали йўл-транспорт ҳодисаси ҳолатига ойдинлик киритишда суриштирувчи ва терговчи томонидан ҳодиса жойида амалга ошириладиган процессуал ҳаракатлар, далил ва маълумотларни тўплаш, ҳодиса жойидаги ҳар бир элементни назардан қочирмаслик, чуқур таҳлил қилиш талаб этилади.
Экспертизани тайинлаган орган томонидан тақдим этилган ҳужжатлар, яъни ҳодиса жойини кўздан кечириш ҳақида баённома, унга илова чизма ва ҳодиса жойини фотосуратларида ўзаро тўқнашган транспорт воситаларидан йўл қопламасига тўкилган элементларни тўлиқ номлари, айнан қандай жисм йўлни қаерида жойлашганлиги, сочилмаларни йўл ўқига нисбатан эни ва кенгликлари, чегаралари ўлчовлар ёрдамида кўрсатилиши, сочилмаларнинг чегараларидан йўл чизиқлари, йўл четлари ва қўзғалмас нуқталарга нисбатан бўлган масофалари, агар ҳодиса жойида сидирилиш, тормоз ёки қирилиш излари қолдирилган бўлса, мазкур изларнинг бошланган ва якунланган қисмларидан йўл чизиқлари, йўл четлари ва қўзғалмас нуқталарга нисбатан боғлаб, масофалари ўлчаб кўрсатилиши орқали йўл-транспорт ҳодисаси вақтида транспорт воситалари қатнов йўлининг айнан қайси жойида тўқнашганлиги бўйича суд экспертининг қатъий хулосасини олиш имкони мавжуд бўлади.
Х.Сулаймонова номидаги РСEМнинг
Навоий вилоят бўлими мудири
Ф.А.Очилов