Сурхондарёда чора кўрилмаслиги эвазига ЙПХ ходимига бир миллион сўм пора таклиф қилган фуқаро қўлга олинди
2021 йил 1 декабрь куни Сурхондарё вилояти, Олтинсой тумани, "Қоратепа" маҳалласи ҳудудидан ўтган 4Р-100 автомобиль йўлининг 150-километрида хизмат олиб борган ЙПХ ходими Ш.Шарипов "Nexia" русумли автомобиль ҳайдовчисини тўхтатган. Текширув давомида ҳайдовчининг меъёрий ҳужжатлари йўқлиги маълум бўлган ва унга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, автомобиль вақтинча сақлаш учун жарима майдонига жойлаштирилган. Орадан бироз вақт ўтгандан сўнг, ҳайдовчи А.Қ. автомобилини жарима майдонидан олиб чиқиш ва кўрилган чорани бекор қилинишини сўраб ЙПХ ходимига 1.000.000 (бир миллион) сўм миқдорида пора таклиф қилган. ЙПХ ходими вилоят ИИБ бошлиғи номига билдирги орқали мурожаат қилиб, пора таклиф қилган фуқарога нисбатан қонуний чора кўрилишини сўраган.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир давомида шу куни соат 20:30 ларда 1992 йилда туғилган фуқаро А.Қ. Олтинсон тумани, "Бибизайнаб" маҳалласи ҳудудида жойлашган жарима майдони ёнида ЙПХ ходими Ш.Шариповга 1.000.000 (бир миллион) сўм миқдоридаги пулларни пора тариқасида бераётган вақтда далилий ашёлар билан қўлга олинган ва ҳолат тегишли тартибда расмийлаштирилган. Мазкур ҳолат юзасидан Олтинсой тумани прокуратураси томонидан фуқаро А.Қ.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 211-моддаси тартибида жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.