Тест режимида

Хабарлар

ЙПХ ходимининг билдиргиси асосида Сурхондарёда пора таклиф қилган яна бир ҳайдовчи ушланди

2021 йил 17 декабрь куни соат 09:30 ларда, Сурхондарё вилояти, Термиз шаҳри, Р.Соатова кўчасида хизмат олиб бораётган ЙПХ ходими З.Ходжаев томонидан "Cobalt" русумли автомобиль ҳайдовчиси тўхтатилган. Текширув давомида, ушбу автомобилнинг ён орқа ойналари туси тегишли рухсатномасиз қорайтирилганлиги маълум бўлган ва ҳайдовчи Д.Т.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 126-моддаси 1-қисми тартибида баённома расмийлаштирилиб, автомобиль вақтинча сақлаш учун жарима майдонига қўйилган.

Шундан сўнг, ҳайдовчи Д.Т. автомобилини жарима майдонидан олиб чиқиш эвазига ЙПХ ходимига 200 (икки юз) АҚШ доллари миқдоридаги пулларни пора тариқасида таклиф қилган. ЙПХ ходими вилоят ИИБ бошлиғи номига билдирги орқали мурожаат қилиб, пора таклиф қилаётган фуқарога қонуний чора кўрилишини сўраган.

ЙПХ ходимининг билдиргиси асосида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилиб, 2021 йил 17 декабрь куни соат 17:50 ларда, фуқаро Д.Т. Термиз шаҳар ИИБ ЙҲХХ биноси яқинида 1.850.000 (бир миллион саккиз юз эллик минг) сўм миқдоридаги пулларни пора тариқасида ЙПХ ходимига бераётган вақтда қўлга олинган.

Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан Термиз шаҳар прокуратураси томонидан терговолди суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.