Текширувлар давомида тақиқланган моддани сақлаш ва қидирув билан боғлиқ фактлар аниқланиши давом этмоқда
Йўлларда ЙПХ ходимлари томонидан текширувлар давомида:
- 2021 йил 7 октябрь куни соат 10:10 ларда, Мирзо Улуғбек тумани, Паркент кўчасида ЙПХ ходими Ш.Қурбонов томонидан “Captiva” русумли автомобиль тўхтатилиб, ҳайдовчи, 1985 йилда туғилган Н.Р.нинг маълумотлари планшет мосламаси ёрдамида текширилганда, фуқаро Н.Р. Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 167-моддаси 3-қисми билан айбланиб, 2021 йил 27 март кунидан буён қидирувдалиги маълум бўлган.
Тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, фуқаро Н.Р. Мирзо Улуғбек тумани ИИО ФМБга топширилган.
- 2021 йил 7 октябрь куни соат 15:10 ларда, Бектемир тумани ҳудудида жойлашган “Шарқ” ЙПХ масканида ЙПХ ходимлари А.Пўлатов ва Ж.Тўрабоевлар томонидан Тошкент вилоятидан Тошкент шаҳрига кириб келаётган “Cobalt” русумли автомобиль тўхтатилиб текширилганда, ҳайдовчи, 1971 йилда туғилган Т.А. кўриниши ва турли хатти-ҳаракатлари билан ходимларда шубха уйғотган. Холис ва гувоҳлар иштирокидаги текширув давомида ҳайдовчи Т.А.нинг чўнтагидан целлофанга ўралган, жигар рангли, ўткир ҳидли, сақичсимон модда топилган.
Мазкур ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, ҳайдовчи Т.А. ва топилган модда Бектемир тумани ИИО ФМБга топширилган.
Йўлларда рейд тадбирлари ва текширувлар давом этмоқда.