Тест режимида

Хабарлар

ЙПХ ходимининг билдиргиси асосида пора таклиф қилган яна бир ҳайдовчи ушланди

2022 йил 11 февраль куни соат 21:00 ларда Термиз туманида хизмат олиб бораётган ЙПХ ходими А.Болтаев томонидан "Isuzu" русумли юк автомобили ҳайдовчиси тўхтатилиб текширилган. Ўзаро мулоқот жараёнида ҳайдовчи Н.Қ.нинг оғзидан спиртли ичимлик ҳиди келаётганлигини ходим пайқаган ва уни текширувдан ўтишга таклиф қилган.

Нарколог шифокорнинг текширув хулосасига кўра, ушбу ҳайдовчи спиртли ичимликдан маст ҳолдалиги тасдиқланган. ЙПХ ходими томонидан ҳайдовчига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 131-моддаси тартибида баённома расмийлаштирилиб, юк автомобили ушбу Кодекснинг 291-моддасига кўра, вақтинча сақлаш учун жарима майдонига қўйилган.

Орадан 5 кун ўтиб, 2022 йилнинг 16 февраль куни ҳайдовчи маъмурий амалиёт ходими О.Абдуназаровнинг ёнига келиб ҳуқуқбузарлигини енгилроғига алмаштириб беришини илтимос қилиб, эвазига 3.000.000 (уч миллион) сўм пул беришини таклиф қилган.

Шундан сўнг, ходим Сурхондарё вилояти ИИБ бошлиғи номига билдирги орқали мурожаат қилиб, пора таклиф қилаётган фуқарога нисбатан қонуний чора кўрилишини сўраган.

Ҳолат юзасидан 16 февраль куни соат 20:00 ларда, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан тезкор тадбир давомида, фуқаро Н.Қ. ЙПХ ходимига 200 (икки юз) АҚШ доллари ҳамда 1.800.000 (бир миллион саккиз юз минг) сўм пулларни пора тариқасида бераётган вақтда қўлга олинган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Термиз шаҳар прокуротураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.