Тезкор ва махсус хизматларнинг транспорт воситалари имтиёзларга эга
Ижтимоий тармоқда тез тиббий ёрдам автомобиллари тезликни ўлчовчи махсус автоматлаштирилган, онлайн режимида ишловчи камералар орқали қайд этилиб, жарима белгиланаётганлиги ва ушбу жарималар бекор қилинмаётганлиги айтилган хабар эълон қилинди.
Жорий йилнинг 1 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЖХД ЙҲХХ бошлиғи ва Тез тиббий ёрдам хизмати маркази раҳбари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги автотранспорт бўлими масъул ходимлари иштирокида тез тиббий ёрдам автомобилларининг махсус фото-видео фиксация мосламари орқали қайд этилган йўл ҳаркати қоидаларини бузиш ҳолатлари бўйича келиб чиқаётган муаммоларни бартараф этиш юзасидан учрашув бўлиб ўтди.
Тез тиббий ёрдам ходимлари томонидан қонунда белгиланган тартибда, қоидабузарлик беморга ёрдам кўрсатиш жараёнида содир этилганлигини тасдиқловчи ҳужжатларни илова қилган ҳолда мурожаат қилган тақдирда жарима солиш тўғрисидаги қарорлар бекор қилиниши юзасидан тушунчалар берилди.
Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 17 прим 1-моддаси бешинчи хатбошисига кўра, тезкор ва махсус хизматларнинг транспорт воситалари, шунингдек улар кузатиб келаётган транспорт воситалари томонидан йўл ҳаракати қоидаларига мувофиқ имтиёздан фойдаланган ҳолда содир этилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар махсус фото- ва видео қайд этишнинг автоматлаштирилган техник воситалари орқали қайд этилган тақдирда ҳамда кечиктириб бўлмайдиган хизмат вазифаларини бажарганликни тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилганда ҳайдовчиларнинг маъмурий қоидабузарлиги охирги зарурат ҳолатларида содир этилган деб топилади ва маъмурий иш ушбу Кодекснинг 271-моддасига мувофиқ тугатилади.
Ушбу Кодекснинг 271-моддаси биринчи хатбошисининг тўртинчи кичик бандига кўра, шахс ҳаракатни зарурий мудофаа ҳолатида ёки охирги зарурат ҳолатида қилган бўлса, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юритишни бошлаш мумкин эмас, бошланган иш эса тугатилиши лозимлиги белгиланган.
Маълумот ўрнида, тезкор ва махсус хизматларнинг транспорт воситалари, шунингдек улар кузатиб келаётган транспорт воситаларининг ҳайдовчилари кечиктириб бўлмайдиган хизмат вазифаларини бажараётиб, ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлаш шарти билан Қоидаларнинг 7-боби (тартибга солувчининг ишораларидан ташқари), 9-16, 19-20 ва 22 боблари, 1 ва 2-иловалари талабларидан четга чиқишлари мумкин.
Йўл ҳаракатининг бошқа қатнашчиларига нисбатан имтиёзга эга бўлиши учун тезкор ва махсус хизматларнинг транспорт воситаларида, тезкор ва махсус хизматларнинг кўк ёки қизил ёхуд кўк ва қизил рангли ялт-ялт этувчи маёқчалар ва махсус товушли ишора ёқилган бўлиши шарт.
Улар ўзларига йўл берилаётганлигига ишонч ҳосил қилганларидан сўнггина имтиёздан фойдаланишлари мумкин. Ушбу имтиёздан тезкор ва махсус хизматларнинг кўк ёки қизил ёхуд кўк ва қизил рангли ялт-ялт этувчи маёқчалар ва махсус товушли ишораси ёқилган транспорт воситалари томонидан кузатиб келинаётган транспорт воситаларининг ҳайдовчилари ҳам фойдаланадилар.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, тез тиббий ёрдам транспорт ҳайдовчилари томонидан содир этилган йўл ҳаракати қоидабузарликлари, улар томонидан тақдим этилаётган асослантирувчи ҳужжатлар асосида бекор қилинаётганлигини маълум қиламиз.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий Жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 128 прим 5-моддаси биринчи қисмига кўра, тезкор ва махсус хизматларнинг кўк ёки қизил ёхуд кўк ва қизил рангли ялтироқ маёқчани ёққан ҳолда ҳамда махсус товушли сигнал билан яқинлашиб келаётган транспорт воситалари тўсиқсиз ўтиб кетиши учун транспорт воситалари ҳайдовчилари томонидан халақит бериш, — БҲМнинг беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади. Ушбу модданинг иккинчи қисмига кўра, юқоридаги ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилса, — БҲМнинг йигирма беш баравари миқдорида жарима солишга ёки транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан бир йил муддатга маҳрум этишга сабаб бўлади.