Тошкент шаҳридаги барча ЙПХ масканларида ходимларнинг фаолияти ва "Тошкент" автовокзалининг йўловчиларга хизмат кўрсатиш сифати ўрганилди
ИИВ ЖХД Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати раҳбари полковник Шерзод Ибрагимов Тошкент шаҳар ҳудудида жойлашган "Бектемир", "Эркин", "Уч қаҳрамон", "Шарқ" ва "А.Турбанов" ЙПХ масканларига бориб, ходимларнинг иш фаолияти билан танишди.
Ўрганишлар давомида ҳар бир маскандаги мавжуд шароитлар, техник воситалар ва улардан фойдаланиш самарадорлиги ўрганилди. Ходимлар билан учрашувларда иш жараёнида учраётган муаммолар ва уларнинг ечимлари муҳокама қилинди. Шунингдек, хизмат интизоми ва қонунчиликка амал қилиш, коррупцион ҳолатларга йўл қўймаслик, фуқаролар билан хушмуомалада бўлиш ҳақида алоҳида тўхталиб, зарур кўрсатма ва топшириқлар берилди.
Шундан сўнг, ЙҲХХ бошлиғи "Тошкент" автовокзалига бориб, йўловчилар учун яратилган қулайликлар, автобусларнинг ҳолати ва тозалиги, йўл кира нархи ҳамда хавфсизлик чора-тадбирлари билан танишди.
Йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи ҳайдовчилар билан учрашиб, уларни янада масъулиятли бўлишга чақирди. Ташриф якунида, мавжуд камчиликларни бартараф этиш ва хизмат самарадорлигини ошириш учун зарур бўлган чора-тадбирларни тезкор амалга ошириш бўйича топшириқлар берилди.