Тест режимида

Хабарлар

Тошкент вилоятида ЙПХ ходимлари томонидан бир кунда уч нафар қидирувдаги шахслар аниқланди

Тошкент вилоятида ўтказилаётган “Хавфсиз ҳудуд” тезкор  профилактик тадбири доирасида ЙПХ ходимлари томонидан бир кунда уч нафар қидирувдаги шахс аниқланди:

- 2021 йил 23 ноябрь куни Зангиота тумани, Назарбек МФЙ ҳудудида хизмат олиб бораётган ЙПХ инспектори Ш.Махаматов қоидабузарлик содир этган пиёдани тўхтатган. Электрон тартибда маъмурий баённома расмийлаштириш вақтида, 1970 йилда туғилган Ш.Н.га нисбатан 2019 йил 1 август куни қидирув эълон қилинганлиги, Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 122-моддаси (вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсларни моддий таъминлашдан бўйин товлаш)да кўрсатилиб ўтилган жиноятни содир этганликда айбланиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан яшириниб юрганлиги аниқланган.

- 2021 йил 23 ноябрь куни Оққўрғон туманида хизмат олиб бораётган ЙПХ инспектори С.Жумаев пиёда И.Ш.ни қоидабузарлик содир этганлиги учун тўхтатиб, электрон тартибда маъмурий баённома расмийлаштириш вақтида ушбу фуқаро ҳам қидирувда эканлиги аниқланган. Оққўрғон тумани ИИБ томонидан олиб борилган суриштирувга кўра, Оққўрғон туманида яшовчи ушбу шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси бош прокуратураси ҳузуридаги МИБ томонидан қидирув эълон қилиниб, 2019 йилдан буён вояга етмаган болалар учун белгиланган тўловни тўламасдан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан яшириниб юрганлиги аниқланган.

- 2021 йил 23 ноябрь куни ЙПХ инспектори М.Усмонов Янгийўл шаҳрида хизмат олиб бораётган вақтида қоидабузарлик содир этган пиёдани тўхтатган. Қоидабузарлиги юзасидан электрон тартибда маъмурий баённома расмийлаштириш вақтида, мазкур фуқарога нисбатан Жиноят ишлари бўйича Янгийўл шаҳар суди томонидан қидирув эълон қилинганлиги аниқланган. Суриштирувларга кўра, Янгийўл шаҳрида яшовчи 1968 йилда туғилган К.Н. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 131-моддаси 2-қисми (фоҳишахона ташкил этиш ёки сақлаш)да кўрсатилган жиноятни содир этганликда айбланиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан яшириниб юрганлиги аниқланган.

Қидирувдаги шахсларнинг барчаси ҳудудий ИИБга топширилган. Йўлларда текширувлар давом этмоқда.