Тест режимида

Хабарлар

ҲУШЁР БЎЛ, ПИЁДА!  

         Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББнинг таҳлилларига кўра, пиёдалар иштирокида содир бўлаётган турли кўнгилсизликларнинг сони юқорилигича қолмоқда. Бунинг сабаби нимада?

Автомобиль йўлларини кузатар экансиз, аксарият ҳолларда пиёдалар кўчанинг автомобиллар юришига мўлжалланган қатнов қисмидан, ўзлари хоҳлаган жойидан юриб, ҳаракатланиш ҳавфсизлиги қоидаларини қўпол равишда бузаётганининг гувоҳи бўласиз. Бу эса улар иштирокида содир бўлаётган турли кўнгилсизликларнинг сонини ортиб боришига сабаб бўлмоқда.

Маълумотларга кўра, жорий йилнинг ўтган даврида пиёдалар иштирокида 3565 та йўл-транспорт ҳодисалари содир этилган бўлиб, уларда 801 нафар пиёда ҳалок бўлган. 2883 нафар пиёда жароҳатланган.

Республикамиз ҳудудида “Диққат, пиёда!” профилактик тадбири ўтказилиши ҳам бежиз эмас. Тадбирга ички ишлар органлари соҳавий хизматлари, халқ таълими бошқармалари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, йўл посбонлари, ўзини-ўзи бошқариш органлари вакиллари жалб этилди. Ушбу гуруҳлар олдига таъсирчан ва самарали усулларни қўллаган ҳолда тарғибот ишларини ташкиллаштириш вазифаси қўйилди. Ҳозирда ушбу гуруҳлар томонидан пиёдалар қоидабузарликларини  аниқлаш бўйича мақсадли рейдлар ташкил этилмоқда.

Тадбир доирасида ҳар бир маҳалла, мавзе, қишлоқ ва овулларда яшовчи фуқаролар ўртасида пиёдалар иштирокидаги ноҳуш ҳолатлар, йўл-транспорт ҳодисалари, одат тусига кириб бораётган ҳуқуқбузарликларнинг келиб чиқиш сабабларини ўрганиш, уларни муҳокама этиш ва олдини олишнинг самарали, таъсирчан чоралари кўрилиши кўзда тутилган. Бу эса, ўзининг ижобий натижаларини бериши, шубҳасиз.

Ишонамизки, фуқаролар, айниқса пиёдалар хавфсизлиги йўлида ўтказилаётган бу муҳим тадбирда барча фаол иштирок этиб, унинг таъсирчанлигини оширишга ўз хиссаларини қўшади. Зеро, гап инсонлар ҳаёти, уларнинг тақдири ҳақида кетар экан биз ҳам, ҳушёр бўл, пиёда, деймиз.

 

         Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати