Тест режимида

Хабарлар

"Визитка" ясаган фирибгарлар бўйича жиноят иши қўзғатилган

"NazoratUzOfficial" телеграм каналида ИИВ ЖХД ЙҲХХ бошлиғи Саидов Олим Чориқулович фотосурати ҳамда унга тегишлилиги айтилган "визитка" кўриниши эълон қилинган хабар юзасидан муносабат.

Хабарда "Ушбу визитка хақиқатдан хам Сизникими ёки у аслида нима мақсадларда фойдаланилади? Кимларга берилади? Визиткани аҳамиятга молик томони нимада? Агарда қалбаки бўлса, ким томонидан қандай мақсадда қилинган? Юқоридаги ҳолат бўйича, ИИВ ЖХД ЙҲХ хизматидан расмий муносабат берилиши сўралади!" дея келтирилган саволлар бўйича қуйидагиларни маълум қиламиз:

"Ўзбекистон Республикаси ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи" - дея нотўғри лавозим кўрсатилганлиги ҳам ушбу қоғознинг соҳта ва фирибгарлик мақсадида тайёрланганлигининг яққол исботидир (тўғри номланиши — Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЖХД Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бошлиғи).

Мазкур "визитка" билан боғлиқ ҳолат жорий йилда ЙПХ ходими томонидан аниқланган ва тегишли тартибда билдирги орқали маълум қилинган.

Ходимнинг билдиргиси асосида терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилиб, Чилонзор тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан 1996 йилда туғилган С.О.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 168-моддаси 3-қисми "б" банди (Такроран фирибгарлик содир этиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Суратда акс этган "визитка" соҳта бўлиб, ИИВ ЖХД ЙҲХХ бошлиғи Саидов Олим Чориқуловичга тегишли эмас.

Ташриф қоғози ҳеч қандай ҳуқуқий аҳамиятга эга эмаслигини ва ҳеч кимга муайян ҳуқуқ ҳамда имтиёз бермаслигини маълум қиламиз.

Агарда "визитка" билан боғлиқ ҳолатга дуч келсангиз 102 рақамига ёки ИИВ ЖХД ЙҲХХнинг (71) 267-60-10 рақамига қўнғироқ қилиб хабар беришингизни сўраймиз.

Айрим ижтимоий тармоқ обуначиларидан асослантирилмаган, аниқлик киритилмаган маълумотларни турли ноўрин изоҳлар билан омма эътиборига тарқатмасликни сўраймиз.

Шахснинг қадр-қиммати камситилишига ёки унинг обрўсизлантирилишига олиб келадиган ёлғон ахборотни тарқатиш жавобгарликка сабаб бўлишини эслатиб ўтамиз.