Хабарлар

Хоразм вилоятида содир этилган йўл-транспорт ҳодисалари танқидий муҳокама қилинди

Йиғилиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 4 апрелдаги “Автомобиль йўлларида инсон хавфсизлигини ишончли таъминлаш ва ўлим ҳолатларини кескин камайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-190-сон қарори ижроси доирасида ташкил этилди.

Йиғилишда Хоразм вилояти ҳокими Жўрабек Раҳимов, Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЖХД Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бошлиғи полковник Шерзод Ибрагимов, вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Абдумажид Шермухамедов, шунингдек, шаҳар ва туман ҳокимлари, тегишли вазирлик, идора ва ташкилотлар раҳбарлари ҳамда масъул ходимлар иштирок этди. Шаҳар-туман ИИБ раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари йиғилишда видеоалоқа орқали қатнашдилар.

Муҳокамалар давомида 2025 йил давомида вилоят ҳудудида содир этилган йўл-транспорт ҳодисалари ҳар томонлама таҳлил қилиниб, оғир оқибатли ЙТҲлар, йўл қопламаси ва инфратузилмасидаги камчиликлар, ҳайдовчилар ва пиёдалар томонидан содир этилаётган қоидабузарликлар аниқ мисоллар асосида кўриб чиқилди. Айниқса, болалар иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисалари, уларнинг келиб чиқиш сабаблари ҳамда профилактика ишларининг самарадорлиги масалалари танқидий руҳда муҳокама этилди.

ИИВ ЖХД Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати раҳбарияти томонидан вилоятда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар, жумладан йўл белгиларини ўрнатиш, пиёдалар ўтиш жойларини ташкил этиш, хавфли участкаларда сунъий нотекисликлар барпо этиш, светофорларни ўрнатиш ҳамда аҳоли ўртасида профилактик тушунтириш ишларини олиб бориш ҳолатига алоҳида эътибор қаратилди. Шу билан бирга, айрим ҳудудларда белгиланган вазифаларнинг тўлиқ бажарилмаётгани танқид остига олинди.

Йиғилишда сўзга чиққан вилоят ҳокими Жўрабек Раҳимов йўл ҳаракати хавфсизлиги масаласи аҳоли ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилишда устувор аҳамиятга эга эканини таъкидлаб, барча мутасадди ташкилотлар ўзаро ҳамкорликда, тизимли ва самарали иш олиб бориши зарурлигини қайд этди.

Йиғилиш якунида аниқланган камчиликлар ва муаммоларни бартараф этиш, ПҚ-190-сон қарор ижросини тўлиқ таъминлаш бўйича масъул раҳбарларга аниқ вазифа ва топшириқлар берилди ҳамда белгиланган чора-тадбирлар ижроси юзасидан қатъий назорат ўрнатилиши белгиланди.