Тест режимида

Хабарлар

ЙПХ ходимининг билдиргиси асосида пора таклиф қилган яна бир ҳайдовчи ушланди

2022 йил 13 апрель куни Андижон вилояти, Хўжаобод туманида хизмат олиб бораётган ЙПХ ходими А.Туракулхаджаев томонидан "Lacetti" русумли автомобиль тўхтатилиб текширилганда, ҳайдовчи, 1974 йилда туғилган Д.Х.нинг меъёрий ҳужжатлари йўқлиги аниқланган.

ЙПХ ходими томонидан ҳайдовчига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 135-моддаси тартибида баённома расмийлаштирилиб, автомобили ушбу Кодекснинг 291-моддасига кўра, вақтинча сақлаш учун жарима майдонига қўйилган.

Шундан сўнг, ҳайдовчи ЙПХ ходимининг ёнига келиб, ҳуқуқбузарлигини енгилроғига алмаштириб беришини ва автомобилини жарима майдонидан чиқариб юборишини илтимос қилиб, эвазига 100 АҚШ доллар пул беришини таклиф қилган.

Ходим Андижон вилояти ИИБ бошлиғи номига билдирги орқали мурожаат қилиб, пора таклиф қилаётган фуқарога нисбатан қонуний чора кўрилишини сўраган.

Ҳолат юзасидан 2022 йил 13 апрель куни соат 12:00 ларда, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида, ҳайдовчи Д.Х.нинг таниши бўлган фуқаро, 1981 йилда туғилган Ш.К. ЙПХ ходимига 100 АҚШ доллар миқдордаги пулни пора тариқасида бераётган вақтда қўлга олинган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Андижон вилояти прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.