Юнусобод ҳамда Мирзо Улуғбек туманларида электр таъминотидаги узулишларни бартараф этишда ЙҲХХ ходимлари ҳам амалий ёрдам кўрсатишмоқда
Пойтахтда аҳолидан электр, газ ва иссиқ сув таъминотидаги узулишлар бўйича келиб тушаётган мурожаатларни қисқа муддатларда бартараф этиш бўйича ҳуқуқ-тартибот ва соғлиқни сақлаш идоралари, газ, электр энергия, ичимлик суви ва коммунал хўжалик корхоналари вакилларидан иборат ишчи гуруҳлари ташкил этилди.
Вилоятлар Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаларининг эксплуатация ва монтаж бўлимларига тегишли бўлган махсус кўтарувчи техникалар пойтахтга олиб келиниб, туманлар кесимида тақсимланди. Шунингдек, ҳудудлардан электр тармоқлари бўйича мутахассислар амалий ёрдамга жалб этилган бўлиб, биргина Юнусобод туманида Наманган вилоятидан келган мутахассислар туман ҳудудида самарали ёрдам кўрсатишмоқда.
Электр таъминотидаги узулишлар батафсил ўрганилиб, уларнинг кўпчилигида кабеллар билан боғлиқ муаммолар борлиги аниқланди. Зудлик билан янги, чидамли кабеллар олиб келиниб, мутахассислар томонидан эскирганларини янгилаш чоралари кўрилмоқда.
Турли соҳа вакиллари бирлашиб, режали ишлар амалга оширилмоқда. Мақсад битта – юзага келган носозликларни бартараф этиш орқали аҳоли учун қулайлик яратиш.