Тест режимида

Хабарлар

Юртимизда 2025 йилда содир бўлган йўл-транспорт ҳодисалари натижасида 2 188 нафар инсон вафот этди

Юртимизда 2025 йилда содир бўлган йўл-транспорт ҳодисалари натижасида 2 188 нафар инсон вафот этди. Бу кўрсаткич 2024 йилга (2 199 нафар) нисбатан камайган бўлса-да, хотиржамликка ўрин йўқ. Шунингдек, ЙТҲлар натижасида 8 901 киши турли даражада тан жароҳати олган (2024 йилда — 8 931 нафар).

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, дунё бўйлаб йўл-транспорт ҳодисаларида йилига ўртача 1,1 миллион инсон ҳалок бўлади, 30 миллионга яқин киши эса турли даражада жароҳат олади. Шу билан бирга, авариялар 29 ёшгача бўлган шахслар ўлимига олиб келувчи асосий сабаблардан бири бўлиб қолмоқда.

ЙТҲлар инсон соғлиғига, оилаларга ва мамлакат иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатади. Жароҳат олганларни даволаш харажатлари, шунингдек, инсонларнинг ҳалок бўлиши ёки ногирон бўлиб қолиши оқибатида меҳнатга лаёқатли аҳоли сони қисқариши мамлакат ялпи ички маҳсулотининг йиллик 3–5 фоизга камайишига олиб келган ҳолатлар қайд этилган.

Таҳлилларга эътибор қаратадиган бўлсак, сўнгги 5 йил (2021–2025) давомида ЙТҲлар камайиш динамикаси сақланиб қолмоқда. Бу аҳоли ва транспорт воситалари сони ошганига қарамасдан кузатилмоқда. Хусусан, аҳоли сони 2021 йилдаги 35 271 276 нафардан 2025 йилда 38 232 254 нафарга, транспорт воситалари эса 3 821 869 тадан 5 532 396 тага ошган.

Шунга қарамасдан, ўтган 5 йилда ЙТҲ оқибатида вафот этганлар сони ҳар 100 минг аҳолига нисбатан 6,9 тадан 5,7 тага, ҳар 10 минг транспорт воситасига нисбатан эса 6,3 тадан 4,0 тага камайгани кузатилган.

Таълим муассасалари атрофида ва маҳаллаларда хавфсизликни таъминлашга қаратилган амалий чора-тадбирлар натижасида болалар иштирокидаги ЙТҲлар 2024 йилга нисбатан 171 тага (-9,6%), ҳалок бўлган болалар сони эса 36 тага (-12,8%) камайган.

2024 йил якунларига кўра, МДҲ давлатларида ҳар 100 минг аҳолига нисбатан энг кам содир этилган ЙТҲлар бўйича Ўзбекистон Озарбайжондан кейин 2 ўринни, ўлим билан боғлиқ ЙТҲлар кўрсаткичи бўйича эса 1-ўринни эгаллаган.

Юқоридаги таҳлиллар бежизга келтирилмаяпти. Зеро, бугунги кунда Муҳтарам Президентимиз томонидан мамлакатимизнинг халқаро миқёсдаги имижини юксалтириш, жумладан, хавфсизлик соҳасидаги кўрсаткичларни яхшилаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Халқаро ташкилотлар томонидан давлатларнинг хавфсизлик рейтингларини шакллантиришда айнан йўл-транспорт ҳодисаларининг аҳоли ва транспорт воситалари сонига нисбатан улуши муҳим мезон сифатида баҳоланади.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЖХД ЙҲХХ томонидан бошқа мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда йўлларда инсон хавфсизлигини таъминлаш, йўл-транспорт ҳодисалари ва ўлим ҳолатларининг олдини олишга қаратилган кечиктириб бўлмас чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Барча ҳаракат иштирокчиларидан йўл ҳаракати қоидаларига қатъий риоя қилишларини сўраймиз.