Тест режимида

Хабарлар

Ўзбекистон ва Украина ўртасида йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасидаги ҳамкорлик алоқалари ривожланмоқда

Бугунги кунда юртимизнинг турли соҳаларида  хорижий давлатларнинг илғор тажрибасини ўрганиш ва бу борада улар билан ҳам­корликни кенг йўлга қўйиш муҳим аҳамият касб этади. Жорий йилнинг 29 июль куни Ўзбекистон Республикаси ИИВ Ҳалқаро бошқармасида Украинанинг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳамда Украина Республикасидаги “ДЕШКЕМЮЕЙ” жамоат ташкилоти раиси А.В.Афонинг Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ вакиллари билан учрашуви бўлиб ўтди. Ўзаро дўстона суҳбатда ҳар икки томон йўл ҳаракати хавфсизлиги тизимидаги Ахборот коммуникация соҳасида мавжуд инновацион технологиялар бўйича фикр алмашиб, келгусида ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича муҳим чора-тадбирлар белгилаб олдилар. Украиналик мутахассислар тажрибасига таянган ҳолда тез кунларда бизда ҳам  ЙТҲ вақтида ҳалокат ҳақидаги хабарни автотранспорт эгаси яқинларига автоматик равишда мобил қурилма орқали узатилиш йўлга қўйилиши ва шу каби бир неча замонавий, инновацион технологиялар қўлланилиши кутилмоқда. Шунингдек, мутахассислар соҳадаги ютуқ ва камчиликлар устида тўхталиб, юқори самара берувчи иш услубларини ўрганиш ҳамда уни амалиётда қўллашга келишиб олдилар.

Ушбу халқаро ҳамкорлик доирасида амалга оширилиши режалаштирилаётган кенг кўламли лойиҳа­лардан асосий мақсад мутахассисларнинг ўзаро тажриба­ алмашишлари, замонавий инновацион технологиялар асосида иш юритишни жорий этиш, энг муҳими, иш сифатини оширишга хизмат қилиши назарда тутилган.