Тест режимида

Хабарлар

Қашқадарёда ЙПХ ходимларининг қонуний талабига бўйсунмаган ва хизмат вазифасини бажаришга ҳалақит берган шахсларга нисбатан суд томонидан жазо тайинланди

Қашқадарё вилояти, Яккабоғ туманида ЙПХ ходимлари ва қонуний талабга бўйсунмаган "Nexia-3" русумли автомобиль ҳайдовчиси ўртасида зиддиятли вазият юзага келганлиги ҳамда атрофда бўлган айрим шахслар ходимларнинг хизмат вазифасини бажаришга ҳалақит берганлиги ҳолати бўйича тўпланган ҳужжатлар бугун, 2022 йил 16 февраль куни Жиноят ишлари бўйича Яккабоғ туман суди томонидан ўрганиб чиқилди.

"Nexia-3" русумли автомобиль ҳайдовчиси, 1990 йилда туғилган Н.Х.нинг хатти-ҳаракатларида Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 194-моддаси 1-қисми ҳамда 195-моддасида кўрсатилган ҳуқуқбузарлик аломатлари мавжуд деб топилиб, унга нисбатан 14 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди. Шунингдек, 1985 йилда туғилган Ф.У. ҳамда 1987 йилда туғилган А.Б.ларнинг хатти-ҳаракатларида Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 194-моддаси 1-қисмида кўрсатилган ҳуқуқбузарлик аломатлари мавжуд деб топилиб, уларнинг ҳар бирига БҲМнинг 3 баравари миқдорида (810.000 сўм) жарима жазоси тайинланди.

Барча ҳаракат қатнашчиларидан йўлларда қоидаларга риоя қилишларини, ИИО ходимларининг қонуний талабларини бажаришларини, шунингдек, учинчи шахс сифатида ходим ва ҳайдовчи ўртасидаги ўзаро суҳбат ҳамда жараёнларга аралашиб, ЙПХ инспекторларининг фаолиятига ҳалақит бермасликни сўраймиз.